Хотинининг "Бўлди, мен уйдан кетаман" деган гапига ҳамма эркаклар ҳар-хил жавоб қайтаришаркан.
Янги уйланганлар: "Йўқ, ундай қилма! Кечир..." дейишади.
Тажрибалилар: Хотиржам туриб, хотинининг барча гапларини эшитади.
Ўта тажрибалилар: Хафа, тушкун ҳолатда: "Сен фақат ваъда беришни биласан...!" дейишади.
Бир одам кетаётиб, тўсатдан қоқилиб кетибди-ю, боши ерга думалаб кетибди. Боши ерда қолиб, танаси кетиб бораётганмуш. Боши:
— Тўхта, тўхта...!!! - деб бақирибди. Тана тўхтамасмуш.
— Мен бу ерда сен билан қолдим-ку, нега бақирасан?! - дермиш қулоқ...
Онаси ёш қизалоғидан:
— Сенга ука олиб келайми ёки сингилми? - деб сўраса,
Қизалоқ хўмрайиб туриб:
— Ҳеч ким керакмас! Ҳозир замон кўтармайди! - дермиш.
Қари бой оламдан ўтибди. Фарзандлари отасининг ўлимидан сўнг нотариус ёнига бориб, васиятномани ўқишибди:
"Мен, фалончи фалончибоев соғлиғим ва ақлим жойида пайтимда, ҳеч кимнинг таъзиқисиз, ўз хоҳишимга кўра ўлимим олдидан бор бойлигим ва ҳамма йиққан-терган пулларимни ишлатиб юбордим!"
— Раҳбарлик лавозимидан кетганингдан кейин, нима билан шуғулланмоқчисиз?
— Бу қанақа савол?! Одам ўлганидан кейин ҳам ишлармиди?!
Хотин эрига дебди:
— Дадаси, полни тузатиб беринг.
Эри:
— Мен сенга устамидим?! - дебди.
Хотини яна:
— Тандирни суваб беринг, - деса эр:
— Мен сенга сувоқчиманми?!
— Чироқни тузатиб беринг.
— Электрикманми?! - деб ишга кетибди эр.
Кечқурун ишдан қайтса, ҳамма ишлар қилинган.
— Ким сувади? Ким чироқларни тузатиб қўйди? - деса, хотини:
— Қўшнимиз Алижон ака, - дебди.
— Нечи пул олди? - сўрабди эри.
Хотини:
— Пул олмади. Хурсанд қилсангиз бўлди деди, - дебди.
Шунда эри:
— Қайси ашулани айтиб хурсанд қилдинг? - деб сўраса, хотини:
— Мен сизга ашулачимидим?! - дермиш.
Эр-хотин ресторанга киришибди. Хотини рестораннинг бир бурчагидаги столда ароқ ичиб ўтирган йигитни кўрсатиб эрига дебди:
— Қаранг, шу йигитни мен 5 йил аввал ташлаб кетган эдим. Ҳанузгача ичиб юрибди.
Эри ишонгиси келмай:
— Қўйсанг-чи, ҳеч ким бунчалик узоқ нишонламайди-ку...!? - деган экан.
Боши қотган бир эркак дўстига:
— Бугун хотинимни туғилган куни. Нима совға қилсам экан? - дебди.
Дўсти:
— Уйга маст ҳолатда бормасанг бўлди. Совға - шу!
Эркак ўйланиб туриб:
— Тўғри, хотинимни юбилейи ҳар ҳолда...!
Бир куни ҳайвонлар сигирдан сўрашибди:
— Айт-чи, сен ақиллимисан ёки эчкими?
— Албатта мен! Мана масалан, катта йўлдан ўтаётганда мен ҳар тарафга қараб, кейин ўтаман, - дебди сигир.
— Эчки-чи? – дейишибди ҳайвонлар.
— У бўлса молга ўхшаб ўтиб кетаверади, - жавоб берибди сигир.
Кунларнинг бирида Афанди хотинига деди:
— Мен мажлисга бораман, кеч қолсам керак, дарвозани беркитиб ётаверинглар.
— Яхши, сиз келгунча зерикиб ўтирмай театрга бора қоламан, - деди хотини.
— Нима, театрга? Ким билан?
— Албатта мажлисга бормаган одам билан-да!