— Дўстим биласанми? Корейслар билан автоинспектор ходимларининг ўхшаш тарафи нимада?
— Билмадим. Нима экан?
— Иккаласи ҳам таёқчада овқатланишади.
Аёлингизга “Сен кимга ҳам кераксан?!” деманг!
Ҳаттоки, Шрекнинг хотинига ҳам харидорлар чиққан...
Жуда айёр ўғри бировни хонадонига ўғриликка кирган экан, уй эгаси келиб қолибди. Ўғри кийим шкафига кириб, беркиниб олганча ярим тунгача ётибди. Ярим тунда уй эгаси ухлаб ётганида секин шкаф эшигини очиб қараса ҳеч ким йўқ. Қимматбаҳо шубани олиб секин чиқиб кетаётган маҳал уй эгаси кўриб қолибди.
— Ҳой тўхта! Кимсан? Қаёқдан чиқдинг? – дебди.
Ўғри:
— Менми? Кийим ейдиган куяман. Шкафдан чиқдим, - дебди.
Уй эгаси:
— Шубани қаёққа олиб кетяпсан? – деса, ўғри:
— Уйда ейман, - деб жавоб берган экан.
Бир тадбиркор йигитнинг севган қизига айтган сўзлари:
“Соғлом инсон юраги нечи пул туришини биласанми?!
Мен аҳмоқ сен ношукурга юрагимни “шундоқ” бериб ўтирибман-а!!!”.
Бир эркак хотини билан кафедан овқатланиб чиқиб, рўпарасидан келаётган аёлни кўйлагини ушлаб ўтиб кетибди.
Буни кўриб қолган хотини эрига:
— Бу нимаси?! Кўз олдимда бегона аёлни кўйлагини ушлаяпсизми?! – деб бақира кетибди.
Эри бўлса:
— Ваҳима қилма хотин. Мени нотўғри тушундинг. У аёлни кўйлагини ушлаганимни сабаби, ёғли қўлимни кўйлакка артиб олдим, - дермиш.
Бир нечта давлатдан қурувчилар йиғилиб суҳбат қуришибди:
Қурувчилардан сўрашибди:
— Сизларда бино қуришдан олдин нима қўйилади.
Англиялик қурувчилар:
— Албатта, фундамент! – деб жавоб берибди.
Германиялик қурувчилар дебди:
— Бизларда биринчи навбатта интизом қўйилади.
Ўзбек қурувчиларига навбат келганда улар шундай дебди:
— Агар биз бинони Россияда қурсак, дастурхонга ароқ қўйилади. Агар ўзимизда қурсак, бинони қуришимиздан олдин муддат қўйилади.
Болакай адасидан сўрабди:
— Ада, ақл билан айёрликнинг фарқи нимада?
— Ақл кўчадаги ишкални тинч ҳал қилишга ёрдам беради. Айёрлик эса ишкалдан чиройли чиқиб кетишга ёрдам беради. Энг яхшиси – донишмандлик.
— У нима?
— Кўчадаги жанжалга аралашмаслик дегани ўғлим.
Яндекс таксилари! Ҳамма жойни топа олади. Фақат сизнинг кўчангиз ва қайтим учун майда пуллардан ташқари...!
Бир давлат идораси биносида сув қувури тешилиб қолибди.
Дарров сантехникни чақиртиришибди. Ертўлага тушиб текшириб чиққан сантехник идора раҳбарларидан бирига қараб:
— Тузатиб бўлмайди! Бу ерда бутун система чириб кетган. Таг-туги билан алмаштириш керак! - деса, тўсатдан раҳбарни ранги оқариб, ўзини ташлаб юборган экан.
Она боласини койиб берибди:
— Агар шундай тўпалончи бўлаверсанг, сени яхши болага алмаштириб келаман.
Бола бўлса онасига дебди:
— Алдаманг! Қайси аҳмоқ тўпалончи болани яхшисига алмаштиришга рози бўлар экан?