Россиялик олимлар Сибирдаги чаналарга итларни боғлаб ҳаракатланувчи одамларни синаб кўриш мақсадида, уларга Камаз беришибди.
Орадан бир йил ўтгач, олимлар натижани билиш учун Сибирга қайтишибди. Олимлар:
— Ҳўш, сизларга берган машинамиз ёқдими? – деб сўрашса,
ҳалиги одамлар:
— Ҳа. Фақат итларимиз тортишга қийналишяпти-да... – дейишибди.
Ёмғирли кунларнинг бирида, бир аёл дўкондан уйига қайтаётган экан. Ортидан бир эркак изма-из кела бошлабди. Жуда-ям яқин кела бошлаганини кўрган аёлнинг ўтакаси ёрилай дебди.
Қўрқувдан қалтирашга тушган аёл бояги эркакка ўгирилиб қараса, эркак:
— Қўрқманг! Мен шунчаки, янги этигим лой бўлмасин деб, изингизни босиб келяпман холос...! – дебди.
Иккита гадой кечада ўтган-кетганлардан садақа сўраб ўтиришган экан, бир йигит ёнларидан уларга салом бериб ўтибди. Шунда гадойлардан бири иккинчисига:
— Яхши бола экан, нега пул сўрамадинг?
Иккинчи гадой эса:
— Эй, калтафаҳм, агар пули бўлса салом берармиди...?!
Ўрмондан қўзиқорин тўла сават билан чиққан эркак:
— Ау, ау, ау, - деб ҳар ёққа югуриб юрган экан, ўткинчилардан бири:
— Нима бўлди дўстим? Қўзиқориндан кўпроқ еб қўйдингми?, - деса, бояги одам:
— Йўқ, Ауди машинамни ўғирлаб кетишибди...
Иккита жуда иноқ дўстлар бўлган экан. Бир-бирини ҳурмат қилишар экан.
Автобусга чиқишда, — Сиз чиқинг! Йўқ, аввал сиз чиқинг!" - деб бир-бирига йўл берар экан. Овқат ейишса, — Сиз олинг! Йўқ, сиз аввал олинг, - дейишаркан.
Тақдир тақазоси билан иккаласи ҳам бир кунда уйланишибди. Иккала дўстни аёлларининг вақти-соати келса ҳам кўзи ёримабди.
Йигитлар хотинини текширувга олиб борса, ҳомила эгизак экан.
Иккала аёлни эгизаклари ҳам, — Сиз тушинг, сиз биринчи тушинг! - деб ётишганмиш.
— Ўғлим, аквариумдаги сувни янгиладингми?
— Йўқ, ойижон! Балиқчалар ҳали сувни ичиб бўлишмабди.
— Нега қулоқларинг боғлаб ташланган дўстим?
— Кийимларимни дазмол қилаётгандим, телефон жиринглаб қолди. Телефон деб дазмолни кўтарибман.
— Иккинчи қулоғинг-чи? Унисига нима бўлди?
— Тез ёрдамга қўнғироқ қиламан деб, яна дазмолни кўтариб юборибман-да...
Беш ёшли ўғли адасидан сўраяпти:
— Ада, нимага ойимнинг қорни ишиб кетаяпти?
Адаси:
— Ойинг тарвуз еяётганида уруғини туширмасдан еган. Шунга қорнида тарвуз ўсиб чиқяпти.
— Устозинг сенга қўшимча савол ҳам бердими?
— Ҳа.
— Нимани сўради?
— Тентакмисан? деди.
Ойиси ўғлидан сўрабди:
— Ошхонада икки бўлак торт бор эди. Ҳозир унинг бир бўлаги қолибди. Буни менга тушунтира оласанми?
Ўғли:
— Албатта тушунтираман ойи. Қоронғи эди шунинг учун иккинчи бўлакни кўрмабман...